Рамазон ойининг фазилати

Рамазон ойига соғ саломат етказган Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар, беҳисоб шукроналар бўлсин, бу муборак ойда саловотларнинг барчаси Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи вассалламга бўлсин ва асҳоби киромларга Аллоҳ таолонинг

раҳмати ва мағфирати бўлсин. Азиз ҳамшаҳарлар, бизнинг жаннатмакон юртимизга муборак ва баракотли ой ташриф буюрди. Дуолар ижобат бўладиган ой, гуноҳлар кечириладиган ой, мақому даражотлар кўтариладиган ой, чексиз савоблар ёзиладиган ой, файзу бараканинг чеки йўқ бўлган ой, мўминларни хурсанд қиладиган ой, Парвардигори оламнинг меҳри жўш урадиган ой, осмон эшиклари очилиб илоҳий раҳматлар ёғиладиган ой, кечаю-кундуз фаришталар ва Жаброил а.с. ер юзига тушиб сайр қиладиган ой, ҳақиқий тақводор мўмин бандалар учун ғанимат бўлган ойдир. Бу моҳи шарифи Рамазондир.
Биз бахтли инсонлар эканмиз чунки, ватанимиз тинч ҳаётимиз фаровондир. Ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали эшитяпмиз кўряпмиз дунёни айрим минтақаларида нотинчликлар қонли урушлар бўляпти. Мусулмонлар яшайдиган айрим юртларда бу йилги рамазонни рўзасини тута оламизмикин ва ҳайит қиламизмикан деб оҳ чекиб йиғлаётган инсонларни кўриб юрагинг эзилади. Худога беҳисоб шукрлар бўлсин бизни юртимизда тинчлик деб аталмиш улуғ неъмат ҳукм сурмоқда. Ҳар йили Юртбошимиз томонларидан алоҳида махсус Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш мақсадида қарорлари чиқарилаётгани юртимизда диний қадриятларимизга жуда катта эътибор берилаётгани қолаверса муқаддас динимизга бўлган ҳурмат эҳтиромни нишона десак, муболаға қилмаган бўламиз албатта.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам Рамазон ойини фазилати хусусида шундай марҳамат қиладилар: “Бу ойнинг аввали раҳматдир, ўртаси мағфират ва охири эса дўзахдан нажотдир ”. (Имом Бухорий ривояти)
Муҳтарам юртдошлар, бундай имтиёзлар, бундай имкониятлар Рамазондан бошқа қайси ойда бор. Аллоҳ таоло ҳаммамизни бу ойнинг раҳматига эришиб, мағфиратига сазовор бўлиб, жаҳаннамдан қутулишни Ўзи насибадор айласин!
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қилдилар: “Ва бу Рамазон ойида мўминнинг ризқи зиёдаси билан берилади. Кимики бу муборак ойда рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади”. Саҳобалар сўрадилар: Ё Расулуллоҳ с.а.в. бизларнинг ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб беролмаймиз?! Шунда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи вассаллам “Кимики рўзадорни бир ҳўплам сут билан ёки бир дона хурмо билан ёки бир қултум сув билан бўлса ҳам оғзини очтирса, Аллоҳ таоло унга Ўзи биладиган даражада савоб ёзади. Ва кимики бир рўзадорни тўйдирса, уни Парвардигори олам гуноҳларини кечиради, ичгандан кейин ҳечам чанқамайдиган оби кавсардан ичиради ва ҳатто жаннатга киритади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан қисқартирилмаган ҳолда шунча савоб берилади” - деб марҳамат қилдилар.

Мана шу кунларда қанча-қанча ҳамшаҳарларимиз рўзадорларга ифторлик қилиб бериб, ўзларини мағфират мақомига сазовор қиладилар. Ва  холислик билан қилинган ифторликлар ўз соҳибини албатта, дўзахдан қутқариб, жаннатга олиб боради. Аллоҳ таоло ҳаммамизни ҳам мана шундай мақому мартабаларга эриштирсин! Азизлар бир нарсани унутмаслигимиз керакки, манашу ифторликларимиз камтарона ортиқча дабдабасиз, риёсиз бўлсагина юқоридаги савобларга эришамиз. Агар, мақтаниш ёки риё учун бўлса унда гуноҳкор бўлиб қолишимиз ва яна қилган хайру-саховатимизни савобидан маҳрум бўлиб қолишимиз ҳам мумкин. Шундай экан, ушбу муборак ойда қилаётган барча хайру-саховатларимиз фақат Худо учун бўлишлиги мақсадга мувофиқдир. Баъзи ифторликларга борсанг қорни очлар қолиб қорни тўқларни таклиф қилинади иложи борича эҳсон ва мурувватларимизни муҳтож ҳамда йўқсилларга қилинса савоб ва даражалари улуғ бўлади.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлашлиги Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳи кечирилгандир”- деб марҳамат қилдилар.
Азизлар, бу ой шундай муборак ойки, ҳар бир тақводор зот учун бу ойда туришликнинг ўзи ибодат, бу ойда бўлишликнинг ўзи ибодат. Қаранг, рўза тутадими ибодат, рўза ҳолатда ухлайдими ибодат, ҳаттоинки гапирмасдан дам турса ҳам ибодат, ифторликда овқат еса ҳам ибодат. Ахир бунчалик даражада савоблар, бунчалик мақомда файзлар ва ҳар бир оддий амал ибодатга айланади. Рамазон ойида саҳар вақтдан олдин туриб саҳарлик қиламиз бу ибодатга айланади, кейин саҳардан то шомгача рўза ҳолда юрамиз, ишлаймиз, ухлаймиз ибодат, сўнгра шомда яна овқатланамиз ибодат, кечаси таровеҳ намозларида қоим бўламиз ибодат, дуолар қиламиз ибодат, яна эртанги кун учун, рўзага куч тўплашлик учун дам оламиз у ҳам ибодатга айланади.  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам “Бу Рамазон ойи барака ойидир” – деб бежизга айтмадилар.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам “Рўза тутган одамнинг уйқуси ибодат”- дедилар, яъни эрталаб рўзадор одам рўзғори учун, нафақаси учун ишлаб меҳнат қилса ва азбаройи чарчаганидан пешиндан кейин ёки асрдан сўнг бироз мизғиб олса, уни Аллоҳ таоло ҳар бир чиқарган нафаси учун зикр қилди деб номаъи аъмолига ёзиб қўяди. Ҳа азизлар, рўзадорнинг мартабасига қаранг. Қандай Худои таоло рўзадор бандасини азиз қилиб қўйибди.
Ва яна Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи вассаллам “Рўзадорнинг сукут сақлашлиги”– рўза тутган кишининг гапирмаслиги, жим туришлиги тасбеҳдир. Яъни рўзадор одам вақтида ҳар хил хунук сўзларга ўрганган бўлса, эндиликда Аллоҳ таолонинг фарзини бажараётганда бу хилдаги одатни тарк этиб, яхши сўз билмаса унда жим турсин. Мана шу ҳолда Парвардигори олам у инсонга сукут сақлагни учун “Субҳаналлоҳ” деди деб ҳисоблайди.

Ҳадиснинг давомида келади “Қилган амалининг савобини кўпайтириб беради”– рамазонда қилинган савобли ишларнинг ажри орттирилади. Яъни рамазонда қилинган ибодатлари, бошқа вақтларда қилинган ибодатлари билан бир хил бўлса-да, аммо муборак ойда қилинган хайрли ишларнинг савоби етмиш даража кўтарилади. Бу озмунча фарқ эмас, жуда ҳам бир яхши мукофот. Рамазонда кунига таровеҳ 20 ракаат ўқилади. Бу дегани 1400 ракаат намоз ўқилганнинг ажри берилади. Энди бу ойда садақалар, хайрли ишлар, зикрлар 70 маротаба зиёда қилинади. Шунинг учун ҳам баъзи ақлли инсонлар закотларини ушбу муборак Рамазон ойида адо этадилар. Чунки Рамазон ойида қилинган ҳар бир эзгу амалга 70 марта кўп савоб берилади.
Ва яна ҳадисда рўзадорнинг сифатлари зикр этилиб шундай дейилади “Рўзадорнинг дуоси мақбулдир”. Чунки у Аллоҳ таоло яхши кўрган банда бўлишга интилаётир. У Парвардигори учун кундузи ейиш, ичиш ва оилавий муносабатдан узоқлашади. Роббиси учун нафсининг кучли орзуларини тарк этади. У Аллоҳ таоло учун фидокорлик қилганлиги сабабли ҳам Худои таоло уни севмоқда ва дуоси ижобат бўлмоқда. Бундай фурсатда рўзадорнинг дуосини олишга, унинг кўнглини овлашга, унга эҳсон қилиб туришга ҳаракат қилишимиз зарур. Чунки унинг дуоси ижобат. Мен ҳам рўзадорманку, мен ўзимга ўзим дуо қилсам бўлмайди деманг. Чунки мўмин одам ўзининг амалини 100% қабул бўлаётганлигига ишонмаслиги керак. Унда амалига ужб қилган бўлади. Яъни ўзининг амалидан фахрланган бўлади, ўзининг ибодатига кибрланган бўлади. Шунинг учун бизлар рўзадор бўла туриб бир-бировимизни хурсанд қилишга ҳаракат қилайлик. Шоядки шу қилган ишимиз учун Аллоҳ таоло меҳри жўш урадиган ойда, Рамазонда ва ундан аввалги қилган ибодатларимизни ҳам даргоҳида қабул қилса. Мўмин киши тавозеълик бўлиши даркор. Ўзининг мўмин биродари олдида камтар тутиб, унинг даражасини баланд билмоғи бу ҳақиқий авлиёларнинг ишидир.
Ва яна “Рўзадорнинг гуноҳлари кечирилади” –деб марҳамат қиладилар Сарвари коинот саллоллоҳу алайҳи вассаллам яъни рўза тутган мусулмон мағфират ўн кунлиги пайтларида кўпроқ истиғфорлар айтса, албатта гуноҳлари кечирилади. Ва яна ҳадиси шарифда ушбу мазмундаги ҳадис зикр қилинадики “Рамазондан рамазонгача бўлган орада мўмин кишининг кичик гуноҳларига каффоратдир”.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар, ушбу ҳадиси шарифлардан билиниб турибдики, бу ойнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб кўпроқ тақвога берилайлик, шайтонлар кишанланган вақтда гуноҳли-хунук одатларимиздан қутулайлик, истиғфору тасбеҳларни айтиб номаъи аъмолларимизни ажру ҳасанотларга тўлдирайлик, кўпроқ хайру эҳсонлар қилиб савоблар шодасига эга бўлайлик. Аллоҳ таоло ҳаммамизни айтилган ушбу сўзларга муваффақ айласин.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам: “Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб, еса ёки ичса рўзасини батамом қилсин. Уни Аллоҳ таоло ризқлантириб, сероб қилгани холос” деб марҳамат қилдилар. Яъни рўзадорлиги эсида йўқ еса ёки ичса, эсига келган заҳоти ейиш ҳамда ичишни тўхтатади, рўзани давом эттираверади агар, рўзам очилиб кетди деб эсига келгандан кейин ҳам давом этаверса, бир кунига-бир кун рўза қазосини тутиб беради.

Рамазон ойида рўзани тутмасликка рухсат бериладиган узрлар қуйидагилардан иборат:
1.    Сафар – намозни қаср қилиб ўқишга сабаб бўладиган сафар рўзани тутмасликка ҳам сабаб бўлади. Бундай сафарда бўлган одам оғзини очиши ва кейин бир кунига бир кун қазосини тутиб бериши лозим. Мусофир ўз ихтиёри билан сафарда ҳам рўза тутаверса, ўзи учун яхши бўлади.
2.    Беморлик – рўза тутса ҳалокатга, қаттиқ машаққатга, хасталикнинг зиёда бўлишига ёки тузалишини орқага сурилишига сабаб бўладиган беморликка учраган киши рўзани очиб, кейин қазосини тутиб беради.
3.    Ҳомиладорлик – агар ҳомиладор аёл ўзига ёки ҳомиласига аввалги тажрибалар ёки табиб гапи асосида зарар етишини билиб рўзасини очса, рухсат. Кейин имконини топганда қазосини тутиб беради.
4.    Эмизикли аёл – бола эмизаётган аёл ҳам юқоридаги ҳомиладор аёл учун зикр қилинган сабабларга кўра рўзасини тутмай кейин қазосини тутса жоиз.
5.    Қарилик – ёшлари улуғ ёшга етган, яъни ўта қари бобо ва момоларга рўза тутмасликка рухсат. Улар ҳар бир тутмаган рўзалари учун бир мискинни тўйдириш ила фидя берадилар (фидя бир мискинни қорнини тўйғазишлиги учун бериладиган маблағ).
6. Ким оғир машаққат, очлик ва чанқоқ туфайли рўза тутса ҳалок бўладиган, ақли бежо бўладиган даражада ёки аъзоларидан бири ишдан чиқадиган бўлса, рўзани имкон топганда қазосини тутиб беради.

Хонобод шаҳар бош имоми: М.Рахимов