Огоҳлик  муқаддас бурч

Аллоҳга чексиз хамдларимиз бўлсинки истиқлол сабаб, кўп йиллар давомида юритилган ғайриинсоний тузим туфайли руҳи кетиб, жасади қолган мазлум халқимизнинг танасига гуё қайтадан жон қайтгандай бўлди. Шаҳарларимиз обод, кўчаларимиз кенг равон чет-чет қишлоқларимиз ҳам кундан кунга  чирой очиб бормоқда. Азонларимиз янграган, масжидларимиз бисёр. Ўнлаб  мадрасаю олийгоҳларимиз очилган, минг минглаб  тиражларда  китобларимиз чоп этилмоқда. Бунга беадад ҳамдлар айтамиз, шукрлар қиламиз. Инсон ўзига берилган, берилаётган неъматларни қадрига етиб, уни яна зиёда бўлиши, мустахкамланиши йўлида астойдил меҳнат қилиши ва доим зийрак, огоҳ бўлиши лозим. Динимизда доим зийрак бўлиш фатонат, дейилади. Мана шу огоҳлик фатонат сифати, омонат, садоқат сифатлари каби ҳар бир мўмин мусулмонда бўлиши лозим. Мўмин фатин бўлади. Шунинг учун ҳам буюк мутафаккир олим Жалолиддин Румий огоҳлиги йўқ кимсани руҳи йўқ жасадга тенглаб: “Ғофилу мурда иккалови бирда” дейдилар. Бошқа бир ҳаким ўзининг ҳикматларида “Ўғридан қўрқма нари борса молингни олар, қотилдан қўрқма нари борса жонингни олар. Аммо бефарқ, лоқайддан қўрқ, чунки у иккисига йўл қўйиб берар” дейдилар.
Дарҳақиқат бефарқлик, ғафлат ҳар бир ёмонликнинг бошидир. Фикр қилайлик агар деҳқон ғафлатда қолса нима бўлади? Экинини сув босади ёки экинзорнинг  хосилига зарар етади. Чўпон ғафлатда қолса қўйлари бўрига ем бўлади. Агар соқчи ғафлатда қолсачи, сарҳадлар бузилади. Илм эгалари ғафлатда қолса, ер юзини фасод босади. Шунинг учун бугунки кун, айни воқеълик ҳар бир ақли салим, қалби салим инсондан, ҳар бир ота-она, ҳар бир зиёлидан огоҳлик ва хушёрликни талаб этади.
Чунки бугун глобаллашув жараёни қизғин кетаётган бир вақтда, ҳар хил қора кучлар, турли жозибадор шиорлар, ниқоблар, даъволар ортига беркиниб, ўзларининг ғаразли мақсадлари, бузуқ ғояларини илгари  сурмоқдалар.
Аллоҳ биз мўминларни ким нима деса шунга эргашиб кетмоқдан қайтариб.
Қуръони каримнинг Хужурот сураси 6- оятида  шундай марҳамат қилади.  
Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ ҳабар келтирса, аниқлаб қўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар. дейди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қиладилар:
عن جرير رضي الله عنه قال سمعت رسول الله صلي الله عليه وسلم يقول ما من رجل يكون فى قوم يعمل
فيهم بالمعاصى يقدرون ان يغيروا عليه فلا يغيروا الا اصابهم الله بعقاب من قبل  ان يموتوا*

Жарир разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир киши  одамлар орасида юриб, гуноҳ ишларни қилсаю, улар уни қайтаришга қодир бўла туриб, қайтармасалар, Аллоҳ уларни ўлишларидан аввал жазога дучор қилади”.
Ушбу ҳадисдан қодир бўлганларга огоҳ бўлиш, маъсиятни олдини олиш, жигарларини, дўстларини фитнадан огоҳлантириши  вожиблиги  келиб чиқади. Оммавий равишда яхшиликга чорлаш, ёмонликдан қайтаришни тарк этилса, фитна болалаб бутун жамиятни бошига балолар ёғилишидан огоҳлантирилмоқда.
Халқимизда бир мақол бор: Овсару анқов душман учун яхши ов.
Бизнинг ота боболаримиз овсар ҳам анқов ҳам бўлган эмаслар. Кўр кўрона бошқаларга эргашиб кетган эмаслар. Балким ҳар ишда етти ўлчаб бир кесганлар. Илму маърифат, караму шафқат  ила одамларни эзгулик сари эргаштирганлар. Мутаҳассисларнинг маълумотларига кўра бугун ахборот техналогиялари кенг имкониятлар бераётган бир вақтда, минг афсуслар бўлсинки бу имкониятлардан бузғунчилик, қабоҳат йўлида фойдаланаётганлар ҳам, кун сайин ортиб бормоқда. Бузуқ, ақидапараст оқимларнинг  чорловларини тарғиб қилишда интернет сайтлари асосий манбага айланди. Масалан ўн йил аввал бундай сайтлар 20та бўлган бўлса, бугун 7000дан ортиб кетган. Одам юрагини эзадиган жиҳати шулки, қанчадан қанча ёшларимиз билиб билмай шу сайтларга кириб, ундан маълумотларни  кўчириб олиб, ўз эътиқодларига путур етказмоқдалар. Унданда ачинарлиси калта бинларча қилиб қўйган нобокорликлари  етмагандай, яна камига бошқаларни ҳам йўлдан уришга уринаётганларидир. Бугун дунёда адолат, саодат, раҳмат дини бўлмиш ёш мусаффо динимиз Исломни ёмон отлиқ қилмоқчи бўлган, унга нисбатан одамларда нафрат туйғусини ўйғатмоқчи бўлган, ўта маккор, бадбин, шаккок кимсаларнинг, узоқни ўйлаб, чуқур режалаган фитналарининг самарасини кўриб турибмиз. Аллоҳ Қуръони каримнинг Бақара сурасининг 191-оятида марҳамат қилади.

Яъни: Фитна қотилликдан ҳам ёмонроқдир дейди. Чунки қатлда маълум бир кимса қурбон бўлади. Фитнада эса минг минглаб, миллионлаб кимсалар каттаю кичик, ёшу қари, аёллару болалар қубон бўладилар. Обод юрту шаҳарлар вайронага, гўзал боғу бўстонлар ҳаробага айланади. Буни мисоли яқин шарқдаги Ироқ Сурия воқеаларида кўряпмиз. Бир неча бузуқ оқимлар бирлашмасидан ташкил топган тўдалар, парда ортида турган ҳомийларининг қўллаб қувватлаши эвазига, каттагина ҳудудни эгаллаб қанчадан қанча шафқатсизликларни, Ислом дини номидан қилмоқдалар.
Уларнинг муқаддас динимизга ҳеч бир алоқаси йўқ. Негаки қилаётган хунрезликлари Ислом аҳкомларига зиддур. Жаҳондаги бирорта уламо уларни тан олгани йўқ. Ўтган йилнинг иккинчи ярими бошида 126 нафар уламо уларнинг қилаётган ишлари Исломга зид эканлиги ҳақида, ташкилот раҳбарига очиқ хат ёздилар. Унда ИШИД азоларининг олиб бораётган ишлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифга мутлақо зид экани айтилиб, уларнинг инсонийликдан йироқ манфур жиноятлари қораланган. 
Пайғамбаримиз  алайҳиссалом айтадилар:

عن العرس الكندى رضىالله عنه  عن النبي صلى الله عليه وسلم قال* اذا عملت الخطيئة  فى الارض كان
من شهدها فكرهها  كمن غاب عنها ومن غاب عنها فرضيها  كان كمن شهدها* رواه ابو داود

Яъни: Ал-Урс ал-Киндий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам:   “Агар ер юзида бир хато иш қилинса, унга бир киши гувоҳ бўла туриб ёмон кўрса, ҳудди у ерда бўлмагандек бўлади. Кимки у ерда бўлмаса ҳам, унга ҳайриҳоҳ бўлса, ҳудди ўша ерда гувоҳ бўлгандек бўлади” дедилар.
Демак гуноҳ ишга рози бўлиш, уни қилиш билан баробардир. Бунда ҳа менга нима, ўзи билади деб бўлмайди. Чунки ўзимизга яхши кўрганни ўзгага ҳам яхши кўрмагунча иймонимиз комил бўлмайди. Ҳалқимизда бир гап бор бирники мингга, мингники  туманга деган. Огоҳ бўлайлик, биримиз адашсаю унга бепарво бўлсак, унинг зарари  касофати кўпчиликка ураркан.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар:

عن ابى هريرة رضى الله عنه * عن النبى صلى الله عليه وسلم قال* اذا خفيت الخطيئة لا تضرالا صاحبها واذا ظهرت فلم تغير ضرت العامة *رواه الطبرانى

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:  “Қачон гуноҳ яширилса, у ўз эгасигагина зарар қилади. Агар гуноҳ ошкор бўлиб ўзгартирилмаса, барчага зарар қилур” дедилар. Жамиятда бир гуноҳдан қўрқилса, унинг оқибати ёмон бўлишидан ҳайиқилса, мазкур гуноҳ содир этилганда одамлар  унинг касофати урмаса эди дея хавфда қоладиган бўлсалар, бу жамиятнинг виждони тирик эканлигининг аломатидир. Шунда гуноҳнинг касофати фақат уни содир этган гуноҳкорнинг ўзигагина уради. Аммо разолат очиқ ойдин қилинадиган бўлса, кенг тарқалиб кетса, уни қилмаганлар ҳам бепарво бўлсалар, у ҳолда мазкур разолатнинг касофати фақат уни содир этганга эмас, барчага баробар уради.  Бу холат жамиятни халокатга олиб бориши мумкин.
Шунинг учун ҳам масъул кишилар, донишманд қарияларимиз, ўктам ёшларимиз, зиёли олимларимиз, ҳамма ҳаммамиз хушёр, зийрак, огоҳ, бўлишимиз лозим. Билиб билмай адашиб улоқиб юрганлар бўлса, тавба қилиб, надомат чекиб тўғри йўлга қайтсинлар. Зотан тавба дегани қайтиш деганидур. Хар ҳил  шайтон, нафс, шаҳват йўлларидан сиротал мустақимга қайтайлик. Зеро банда тирик экан унга тавба, истиғфор эшиклари, ҳамон очиқ. Динимизни ўрганмоқчи бўлганларимизга маслаҳатимиз уни қаёқдаги фитначилардан эмас, ўзимизнинг тунни тонга улаб, кўз нурини тўкиб, қалб қўрини бериб, ёлғиз Аллоҳнинг ризосини истаб, ёзилган ва ёзилаётган таржима қилинган ва таржима қилинаётган, ўзимизнинг забардаст уламоларимиз китоблардан ўрганишларини тавсия қиламиз.   
Алҳамдулиллаҳ ўқийман десак китоб кўп, саволларимизга жавоб бера оладиганларимиз бисёр. Муқаддас динимизни зимдан таназзулга учратмоқчи бўлганлар, унинг ривожига барҳам бермоқчи бўлганлар, қадимда ҳам жуда кўп бўлган. Улар  бу дин Аллоҳники эканини, уни ҳимояси ҳам Аллоҳда эканлигини унитдилар. Улар асл айнимас, тилла зангламаслигини билмаслар. Огоҳ бўлайлик муҳтарам тингловчилар, зотан огоҳлик ва тинчлик йўлида юмилмаган кўзлар ҳақида пайғамбаримиз "Бедор кўзларга жаннат бўлсин", "Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди" деганлар.
Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ.

Тошкент шаҳар, Шайҳонтоҳур тумани,

«Имом Ҳасан» жоме масжиди имом хатиби Равшанов Аброр