Ўзганинг хаққига хиёнат қилмаслик исломдандир

Пайғамбаримиз саллаллоху алайхи ва салламнинг суюкли саҳобаларидан Абу Дардо розияллоху анху барча намозларини Масжиди Набавияда, Расулуллоҳ саллаллоху алайхи ва салламнинг ортларида туриб ўқишга ҳаракат қилардилар. Шунинг учун масжидга эрта келиб, кеч қайтардилар.

Пайғамбаримиз саллаллоху алайхи ва салламнинг намоздан кейингги суҳбатларини диққат билан тинглардилар. Бироқ хурмо териш мавсуми бошланганида Абу Дардо розияллоху анху аввалгидан намозга кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлдилар. Бу ҳол Пайғамбаримиз саллаллоху алайхи ва салламнинг диққатларини тортди. Абу Дардони ёнларига чақириб, сўрадилар: “Сизнинг масжидга келиб-кетишингизда бир ўзгариш кўраяпман, нима бўлди?”
Абу Дардо розияллоху анху бундай жавоб қилдилар: “Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо дарахти меваларни тўка бошлади. Хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушаяпти. Болаларим қўшнимдан бесўроқ еб қўйишмасин, деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимнинг боғидаги ўша дарахтнинг тагига тўкиб қўяман. Шу сабаб масжидга кеч келаяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб қўшнимизникига қўйиш учун шошиламан. Шундай қилсам, болаларим ҳаром емайди, қўшнимга ҳам зарар етмайди”. Расулуллоҳ саллаллоху алайхи ва саллам Абу Дардонинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳаққига дуо қилдилар. Бу бир сахобаи икромнинг тарихларидан биргина мисол холос. Чунки ислом дини аввал бошиданоқ мусулмонман деган кишиларни ўзгалар хаққига хиёнат қилишдан, уни нохақ ейишдан, унга путир етказишдан қайтарган. Бунга ўхшаш мисоллардан юзлабини келтиришимиз мумкин. Лекин бизнинг асосий мақсадимиз мусулмон киши хеч қачон ўзгалар хаққига хиёнат қилмаслиги, молига, жонига, оиласига, шаънига, обрўсига тажовуз қилмаслигини эслатиш ва бугун нохақ қон тўкилишига, кўплаб бегунох кимсаларнинг бевақт ўлимига, мурғак гўдакларнинг етим бўлишию, ожиза аёлларнинг бева бўлишига сабаб бўлаётган, ва ўзларининг бу қилмишларини дин ниқоби билан беркитиб, қилаётган ишлари ислом динининг буйруғи ва ўзларини мусулмон деяётган нобакор кимсаларни ислом динига ва мусулмончиликка асло тўғри келмаслигани кўпчиликка билдириб қўйиш холос. Зеро муқаддас динимиз ислом инсонларни ҳамиша эзгуликка ўзгаларга наф келтирувчи хайрли ва савоб ишларга чорлаб зумлдан қайтаргани ҳеқ кимга сир эмас. Аллоҳ барчаларимизни хақ йўлидан адаштирмасин.

Хўжаобод туман “Еттичинор” жоме масжиди имом хатиби: М.Қосимов