Илмдан бошқа нажот йўқ

Атоқли шарқшунос-арабшунос олим Убайдулла Уватовни юртимизда танимайдиган бирорта илм толиби бўлмаса керак. Устозининг 2012 йил Имом Бухорий Ҳалқаро Марказида малака ошириб юрган вақтимизда бизларга айтган гаплари сира ёдимдан чиқмайди. Мактаб ва коллежлардаги турли йиғин-тадбирларда тез-тез тилга олиб тураман.

 “1999 йили Тунисда Абу Али ибн Сино номидаги анжуманлар саройида бўлиб ўтган  ҳалқаро семинарда қатнашгандим, - деганди У.Уватов.

Тасаввур қилинг: юртимиз минглаб чақирим олисдаги муҳташам бир сарой буюк ватандошимиз номида. 56 мамлакатдан вакил келган. Бу кишида қанчалик фаҳр уйғотади. Анжуманинг бешинчи куни менга навбат тегди. Араб тилида ярим саот маъруза қилдим. Биринчи сўзим шу бўлдики, “Мен сизларга мана шу кошона номи берилган шайхур-раис, буюк табиб Абу Али ибн Сино юртидан, Имом ал-Бухорий, Беруний, Хоразмий, Замахшарий, Фарғонийлар юртидан салом келтирдим”, -дедим. Шундай қарсаклар бўлдики... ”
 Дарҳақиқат, биргина шу воқеанинг ўзиёқ илмнинг фазилати нақадар буюклиги, билим ўз соҳибининг қадрини ва қаддини ҳар доим, ҳамма ерда юксакка кўтаришини яққол кўрсатиб турибди.
Холуқ Нурбоқийнинг “Қуръони Каримнинг илмий мўжизалари” китобида шундай ғароиб воқеа келтирилади. Америкалик кашфиётчи олим Томас Эдисон 1867 йилда электр лампасини кашф этади. Ва кейинчалик унинг жавонидан Қуръонинг  Нур сураси топилади. Бу кашфиётнинг мўъжизавий тамони шундаки, сурадаги “Ўт тегмаса ҳам ёритиб юборгудек” оятининг абжад ҳисобидан ҳижрий 1284 йил, мелодий 1867, яъни электр лампа кашф этилган йили келиб чиқаркан. Демак, башарият хаётида катта бурилишга сабаб бўлгувчи  кашфиётнинг қачон яратилиши ҳақида еттинчи асрдаёқ илоҳий башорат бўлган экан.
 Илм фан тараққий этган сари Қуръони Каримнинг бу каби мўъжизалари, асл мазмун моҳияти очилиб борадики, шу боис муқаддас китобимизнинг юзлаб оятлари, илм олишга, борлиқ дунё сир-асрорларини англашга даъват этилганини кўрамиз.

Дунёни ўз салоҳияти, мўъжизавий қомусий билимлари билан лол қолдирган бобокалон алломаларимиз Қуръони Каримт амри, Ҳадиси шариф кўрсатмаларига қатъий амал қилганликлари учун ҳам биз бугун диний, дунёвий деб атайдиган бир неча фанга асос солган, башар тараққиётини янги босқичга кўтарган эдилар.
  Ватанимиз истиқлолга эришгандан кейин Ўзбекистонинг Биринчи Президенти И.Каримовнинг юритган оқилона сиёсат асосида диний-миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, анъаналаримизни тиклашга киришдик. Айнқса, талим-тарбия тизимини миллий асосда қайта шакллантиришга катта эътибор берилди. Кадрлар таёрлаш миллий дастури қабул қилиниб, шу асосда изчил иш олиб борилмоқда. Мамлакатимизда юзлаб мактаблар қурилди, минглаб мактаблар таъмирланди. Касб-ҳунар коллежлари, академик лицей, лицей-интернатлар барпо этилди.
 Имом Бухорий Ҳалқаро Марказ биноси пештоқларидан бирига “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди ҳам”-деган Имом Бухорийни хикматли сўзлари ёзиб қўйилган. Дарҳақиқат, дунё илм билан, илм сохиблари билан ободдир. Барча эврилиш, юксалишлар илм захматкашлари меҳнати орқасидан юзага келади. Шу сабабдан ҳам илм соҳиби, илм заҳматини чеккан зот Яратган олдида ҳам, аҳли дунё олдида ҳам ҳамиша қадрланади, шараф топади.

Тошкент вилояти, Пискент тумани бош имом-хатиби:  Зайнилобиддинхон Қудратов.