Устозларга эҳтиром

Инсон маънавий камолотга, икки дунё саодатига устоз ва мураббийлар тарбиясисиз эришолмайди. Маънавият моддиятдан устун бўлганидан устоз-муаллимлар ҳар бир даврда эъзозланган. Қуръони каримда марҳамат килинади: "Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур" (Мужодала. 11). Мазкур ояти карима олим ва илм ўргатувчилар мартабаси нафақат бандалар олдида, балки Аллоҳ таоло ҳузурида юқори эканига далолат қилади. Зеро, улар буюк муаллим бўлмиш Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) меросхўрларидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайқи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: "Шубҳасиз, Аллоҳ таоло, фаришталар, осмон ва ердаги барча мавжудотлар, ҳатто уясидаги чумоли, денгиздаги балиқлар инсонга яхшилик ўргатган муаллим хаққига дуо қилади" (Имом Термизий ривояти).
Ҳазрат Али (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: "Менга битта ҳарф ўргатган одамнинг қулиман. Ҳоҳласа сотади, ҳоҳласа озод қилади ва ҳоҳласа қул қилади". Шу маънода Шайх Шерозий: "Ким фарзанди олим бўлишини истаса, олимларни ҳурмат қилсин, улуғласин ва фарзандининг устозларига ҳадялар юборсин", деб таъкидлаганлар.
Хасан Басрий айтадилар: "Олимлар бўлмаганида, инсонлар чорва моллари каби бўлиб қолардилар". Яъни, илм олимлар орқали тарқалади ва у билан инсонлар улуғликка етишадилар.
Немис олими Фихте устозларга қуйидагича таъриф беради: "Устозлар само ёритқичи каби ёғду сочадилар. Яхшилик йўлини кўрсатувчи юлдузларга ўхшаб мудом чарақлаб турадилар".
Ҳар бир нарсада бЎлгани каби илм ўрганишнинг ҳам ўзига яраша йул-йўриғи, одоби бор. Шогирд устози ва у берган таълимни улуғлаш, ҳурмат қилиш билан илмга эришади. Зеро, ҳурмат қўрқув сабабли юзага келган тоатдан афзалдир.
Мўътабар китобларимизда шогирдлик одоблари батафсил келтирилган. Улардан айримлари қуйидагилардир:
-    шогирд устозидан олдин юрмаслиги;
-    ўрнига ўтирмаслиги;
-    ҳузурида рухсатсиз, бекорчи гапларни гапирмаслиги;
-    малол келадиган вақтда савол бермаслиги;
-    розилигини топишга ҳаракат қилиши;
-    ғазабидан сақланиши;
-    буйруқларини албатта
бажариши лозим.
Шогирд устозининг фарзандларини ҳам ҳурмат қилиши керак. Аслида, бутун умри давомида устози хизматида бўлса ҳам, унинг ҳақини адо қила олмайди. Улуғлар бу одоб ва кўрсатмаларга амал қилишган. Айтилишича, ҳазрат Навоий Абдураҳмон Жомийнинг кўчасидан асло от устида ўтмас экан. Шундай кунлардан бирида устозининг эшиги олдида ўйнаб юрган кичкинтойга салом бериб, ҳурмат билан кўришиб ўтган Навоийдан сўрашади: "Бир кичкинагина болага шунча эҳтиром кўрсатиш шартми? " У киши жавоб беради:

-    Бу бола устоз Жомийнинг набираси. Устознинг фарзанди, набираларига ҳам ҳурмат кўрсатишни шогирд ўзига бурч билмоғи зарур.
Энг муҳим жиҳат, устоз-мураббийларнинг илм ўргатиши энг олдин Аллоҳга ибодат бўлса, иккинчи томондан Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) меросхўрликдир. Улар энг қимматбаҳо бойлик хазиначилари. Инсонларга бу хазинани улашиш ҳуқуқи, имкони устоз, муаллимларга берилган.
Ушбу улуғ байрам устозларга муборак бўлсин. Аллоҳ таоло барча устоз ва мураббийларнинг машаққатли меҳнатларида ёру мададкор бўлсин.


Хўжаобод туман бош имом хатиби:  М. Қосимов
Кўфа масжиди имом хатиби: З. Зияиддинов