Кексаларимиз – дуогўйларимиз

Динимиз инсон наслини мукаррам санайди, Аллоҳни махлуқотлари ичидаги энг азизи ва эҳтиромга муносиби деб баҳолайди. Пайғамбаримизниг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёши улуғларимизни қадрлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳақида кўплаб ҳадислари бор.

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Набий (алайҳиссаллом): “Ким кичигимизга раҳм қилмаса, каттамизнинг ҳақини билмаса, биздан эмас”, деганлар Ҳоким ривояти). Бошқа бир ҳдиси шарифда эса: “ ким каттамизни улуғламаса, биздан эмас”, дейилган (Имом Термизий ривояти)
Истиқлол йилларида аждодлар хотирасини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи юртдошларимиз руҳини шод этишдек савобли ишларни қилиш эзгу анъанага айланди. Ҳар йили юртимизда май ойининг тўққизинчи куни “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонланади. Бу инсонга, унинг муқаддас хотираси, умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган чексиз эҳтиром рамзидир.
9 май куни пойтахтимиздаги Мустақиллик майдони узоқ – яқиндан келган зиёратчилар билан гавжум бўлади. Бу ерда жанггоҳларда жон фидо этган ватандошларимиздан қарийб 435 минг нафарининг номи “Хотира китоби” саҳифаларига муҳрланган. 3725 нафар бедарак кетган жангчилар номи аниқланиб, қайд этилган.
Бу кунларда ўтганлар хотирланади, кекса, ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олинади, уларга совғалар улашилади. Уруш қатнашчилари бўлган қарияларимиз эъзозланади, иззат – икромда бўлади.
Хотира ва қадрлаш куни масжидимиз жамоаси ҳам кекса отахон ва онахонларга, ногиронлар ва муҳтожларга ғамхўрлик кўрсатади, беминнат ёрдамлар уюштиради. Масжид атрофидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари оғирини енгил қилиш учун фаоллар ва ҳомийлар билан келишган ҳолда имкониятлар ҳозирлайди.
Кексаларимизнинг дуолари билан юртимиз тинч, фаровон. Зеро, пайғамбаримиз: (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келарди”, деб огоҳлантирганлар.

Шахрихон туманидаги “Яккатут” масжиди имом – хатиби: Мухаммаджон Умаров