Насиҳатнинг мохияти

Улуғ саҳобалардан Абу Дардонинг (розияллоҳу анҳу) ёнига бир киши келиб, деди:
- Эй Абу Дардо, оғир касаллигим бор. Менга ёрдам беринг.

- Қандай касаллик? – сўради Абу Дардо.
- Гўё қалбимни дунё эгаллаб олгандек, унга қаттиқ муҳаббат қўйганман. Ибодатларимда на ҳузур, на завқ бор...
- Бу – энг оғир хасталик. Тезда даволаш шарт. Зеро, бу, Аллоҳ сақласин, имондан айрилишгача боради.
Бу гапни эшитиб ёрдам сўраган киши шошиб қолди.
- Билсангиз давосини айтинг, - деди.
- Тез – тез касал кўришга бор, - насиҳат бошлади Абу Дардо (розияллоҳу анҳу), - жаноза намозлирида қатнаш, қабрларни зиёрат қил! Бу уч ишда давомли бўлиш билан, иншааллоҳ, хасталикдан қутиласан. Кўнглингдан дунё севгиси кўтарилади, қалб кўзинг очилади.
Одам бу ишларни бир муддат айтилганидек бажариб юрди. Бироқ ўзида ҳеч қандай ўзгариш сезмади. Ғамгин ҳолда яна Абу Дардонинг (розияллоҳу анҳу) ёнига келди.
- Тавсияларингизга амал қилдим, аммо самарасини кўрмадим, - деди
- Касал кўргани бординг, жанозаларда қатнашдинг, қабристонларни зиёрат қилдинг, шундайми?
- Ҳа, албатта, - деди у киши. Абу Дардо айтди:
- Демак, сўзларимнинг моҳиятини тушуниб бажармабсан. Гапларимни диққат билан эшит: бемор зиёратига борганингда, бир кун сен ҳам у каби мажолсиз ётиб қолишингни ўйла. Бу ҳақиқатни била туриб, яна қандай қилиб дунёга боғланиш мумкин? Кўриб турганингдек, дунё матоҳлари кишини бундай ҳолга тушишдан сақлаб қололмайди. Жанозага борганингда, назар қил, тобут ичида ётган жасад дунё неъматларидан буткул айрилди. Яқинлари, жондан севганлари, бутун умрини сарфлаб, улғайтирган фарзандлари уни сўнгги йўлга кузатишмоқда. Қабристонга боргинингда эса қабрда ётганлар ҳолини, бир куни ўзинг ҳам улар сингари ер остида бўлишингни тафаккур қил.
Ёрдам сўраган одам бу гапларни эшитиб, хатосини тушунди. Насиҳатларга айтилганидек амал қилди ва тез орада ҳасталиги шифо топди. Қалби ёришди, кўнгил кўзлари очилди. Ҳақни ботилдан фарқлай оладиган бўлди. У ҳар гал Абу Дардони кўргинида: “Аллоҳ сиздан рози бўлсин, кўнгил кўзим очилди, ҳақиқатларни кўра олишимга васила бўлдингиз”, дея миннатдорлик билдирарди.

Шахрихон туманидаги “Яккатут” масжиди имом - хатиби Мухаммаджон Умаров