Никоҳнинг фазилатлари

Маълумки, жамият оилалардан таркиб топади. Муҳтарам юртбошимиз “Юксак маънавият ‒ енгилмас куч” асарида айтганидек “Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир”. Шундай экан соғлом жамият тузиш учун энг аввало ҳам маънавий, ҳам жисмонан соғлом оила тузишга эришишга интилиш лозим.


Бунинг учун эса уйлангувчи йигит ва турмушга чиқувчи қиз оила ва эр-хотинлик муносабаталар ҳақида етарли тушунчага эга бўлишлари керак. Чунки улар ҳаётнинг катта остонасига қадам қўймоқдаларки. Улар жамият олдида ва келажак авлод олдида юксак масъулиятларни зиммаларига олаётганларини ҳис қилишлари лозим.
Аслида бизга одатий ҳолдек кўринса-да, никоҳнинг биз билган ва билмаган кўплаб фазилатлари бор. Жумладан, қариндошчилик алоқаларини боғлайди, миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ипини боғлайди, эл-юрт орасида инсоннинг обрўсини оширади.
Никоҳ соғлом турмуш тарзининг гарови. Никоҳга эътибор беришлик турли бедаво иллатлар ва маънавий таназзулга қалқон бўлади.
Никоҳ оилага барака ва бойлик келишига сабаб бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: “Бойликни никоҳ билан ушланглар” деган. (Табарий ва ибн Касир тафсирларидан)
Абу Бакр разияллоҳу таоло анҳу айтади: “Аллоҳ таолога никоҳ борасидаги амри бўйича итоат қилинглар-да, сизларга бойлик ҳақида қилган ваъдасининг устидан чиқади. Аллоҳ таоло: “Агар улар камбағал бўлсалар Аллоҳ Ўз фазли ила уларни бой қилиб қўяди” деган”.
Никоҳнинг яна бир фазилати борки, у насл ва насабнинг поклиги, жамият маънавиятига катта ижобий таъсир қилади.
Анас разияллоҳу анҳудан Байҳақий ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: ”Мен Одам(а.с) қошидан токи отам билан онамгача етиб келгунимча никоҳдан чиқдим. Ахлоқсизликдан чиқмадим”. (Алусий. “Руҳул-маоний” тафсири. “Тавба” сурасининг тафсиридан)

Асака туман бош имом хатиби: Шаҳобиддин Парпиев