Неъмат қадри

Ҳаёт кечиришимиз учун Аллоҳ таоло ато этган неъматлар шундай беҳисобки, уларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Буларнинг шукрини адо этиш эса хар бир кишини бандалик бурчи ҳисобланади. Шукроналик энг аввало, Аллоҳ азза ва жаллага тақво қилишда, унга тоат ва илитжода бўлишдадир.

Теран фикр юритиб кўрсак, бизга ато этилган неъматларининг завол топишига исрофгарчилик, ёлғон сўзлаш, ғийбат туҳмат каби амалларимиз сабаб бўлади. Зеро, бу борада Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукур қисангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7).
Неъматлар шукри, уни қай тарзда адо этиш борасида Пайғамбаримиз cаллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай деганлар: “Тўрт нарса кимга берилган бўлса, дунё ва охират яхшилиги берилибди: зикр қилувчи тил, шукр қилувчи қалб, сабрли бадан ва солиҳа хотин”.
Ҳукамолар шукрни икки турга бўладилар: умумий ва хусусий. Умумий шукр тил билан ҳамд, Аллоҳнинг неъматларини эътироф этишдир. Хос шукр эса тил билан ҳамд айтиш, қалб билан таниш ва солиҳ амалларни қилиш ҳамда нопок нарсалардан сақланишдир.
Мўмин киши хос шукрни ўзига касб этмоғи лозим. Шунда Аллоҳ таолонинг раҳматига эришиб, бу дунёда комил ризқ, солиҳ фарзанд, осуда ҳаёт каби неъматларга ноил бўлса, охиратда жаннати маъводан макон топиш ила сарафроз бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни шукр қилувчи қалб соҳиби бўлиш бахтига муяссар айласин.

Мухаммаджон Умаров
Шахрихон туманидаги “Яккатут” масжиди имом - хатиби