Террорни на бир дин, на бир миллат оқламас

Ўзбекистонни ўз Ватани, киндик қони тўкилган азиз тупроқ деб билгувчи ҳар бир инсон учун мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ватанни ривожланган, юртни тинч, халқни фаровон, ўсиб келаётган ҳар бир фарзандни комил инсон, муқаддас Ислом динини миллий қадрият деб эътироф этиш инсоний бурч, олий қадриятдир. Зеро, бундай эътироф халқнинг миллий истиқлол ғоясига ҳамоҳанг ва ўзимиз танлаган мустақиллик йўлининг бош ғоясидан келиб чиқади.

Лекин халқнинг бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги ва келажакка ишонч билан қарашини кўра олмаётган кучлар, минг афсуски, йўқ эмас. Улар нафақат юртимиздаги тинчлик-тотувликни, бунёдкорлик ишларини, балки умуман ер куррасида рўй бераётган барча эзгу ишларни кўролмайдиган ночор инсонлар.

Ислом дини ҳар қандай шароитда ҳам экстремистик ва террорчилик каби кескин ҳаракатларни амалга оширишга рухсат бермайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ қон тўкилиши кимнинг қони бўлишидан қатъи назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, унинг жазоси ҳам оғир экани маълум.

Ислом динида, ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига риоя қилишга буюрилади. Ҳаддан ошиш, тажовузкорлик ва зўровонлик қаттиқ қораланади.

«Шаҳидлик камари» деган сўз бидъатчилар томонидан ишлаб чиқилган уйдирма сўз бўлиб, бундай атамага шариат таълимотида ҳеч қандай ўрин йўқ. Портловчи моддаларни ўз белига боғлаб, ваҳшиёна жиноятларни содир қилишга шайланган одам исломият ва инсониятга қарши жиноят воситасини белига боғлаган бўлади. Қотиллик қуроли ва жиноят воситаси бўлмиш портовчи белбоғини ҳеч қачон шаҳидлик аломати деб ҳисоблаш мумкин эмас. Жиноят қуроли жиноятчини азим ва кечириб бўлмайдиган гуноҳ ботқоғига чўктиради ва шаҳидликнинг олий исломий даражасига қарши туради.

Бу атама бидъатчиларнинг ишлаб чиққан асоссиз, ёлғон, уйдирма, шариатга қарши атамалардан бошқа нарса эмас. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Кимки бир мўмин­мусулмонни қасддан ўлдирса, ўз жойини жаҳаннамдан белгилаб қўйсин», дея марҳамат қилганлар.

ХХ аср якуни инсоният тарихида терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, мутаассиблик каби иллатлар билан алоҳида ўрин эгаллади. Терроризмни бирор миллат ёки динга нисбат бериш, талқин этиш мутлақо нотўғри. Зеро, терроризмни ҳеч қайси дин, ҳеч қайси миллат оқламайди. У кимнинг ва ниманинг номидан содир этилишидан қатъи назар, уни амалга оширувчи шахс жавобгар ҳисобланиб, тегишли жазога тортилиши шарт.

Ақидапарастлик, бузғунчилик бугунги кунда пайдо бўлган долзарб масала эмас, бу муаммога буюк алломалар ҳам кўп мурожаат этиб, унинг салбий оқибатларига ҳуқуқий жиҳатдан баҳо бериб келганлар. Жумладан, буюк аждодларимиздан бири бўлган Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшаний милодий 1228 (ҳижрий 625) йили ёзган “Китоб ал-фусул” асарида боғийлар, яъни бузғунчи, давлат ва жамиятга қарши чиққанлар хусусида кенг фикр юритган.

Ҳозирги кунда ёшларни диний ақидапарастларнинг зарарли таъсирларидан асрашнинг энг муҳим омилларидан бири – бу ёшларнинг «Таълим тўғрисида»ги Қонунида белгиланганидек, 12 йиллик маълумотга эга бўлган ҳолда бирор касб эгаси бўлишлиги ёки олий ўқув юртларида таҳсил олишидир.

Маърифатли инсонгина эркин фикрлайди, ҳеч қачон турли бидъатларга ва хурофотга берилмайди. «Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат» дейилган шиорни дастуруламал қилиб олган ҳолда, таълим муассасалари ва маҳаллада ақидапарастлар қўллаётган усуллар, қуролларга қарши демократик, маърифий, замонавий технологиялар ёрдамида иш фаолиятни ташкил этишга алоҳида эътибор бериб, ҳар қандай тажовуз ва террорчилик хуружларининг олдини олиш, уларнинг мафкуравий заминини йўқотиш учун курашиш лозим. Бу курашдан ҳеч ким четда қолмаслиги керак.

Мазкур ҳолатларни эътиборга олган ҳолда, ҳозирги даврда Ислом дунёсининг барча олим ва уламолари ҳамкорликда Ислом таълимотини соф ҳолда асраб-авайлаш, унинг аҳкомларини бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши маърифий услублар билан курашишни янада фаоллаштиришни зарурий ишлардан деб ҳисоблайдилар. Биз ҳам бу фикрга қўшилиб, юртимиздаги тинч, осуда ҳаётни сақлаш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз деб билишимиз зарур.

Бугунги даврда ким бўлишимиз ва қандай мавқега эга бўлишимиздан қатъи назар, ҳар биримизнинг вазифамиз экстремизм ва терроризмнинг қабиҳ ва ғаразли мақсадини халқимиз, айниқса ёшларимиз орасида тинимсиз фош қилиш асосида огоҳликка чақиришдан иборат.

Андижон вилояти Мархамат тумани бош имом-хатиби М. Шарофуддинов