Ифторлик қиламан, деб гуноҳга ботмайлик!

Муборак Рамазон ойида эзгу амаллар бажарилади, хайр-саховатли кишилар меҳр-мурувват кўрсатиб, етим-есир, бева-бечоралар ҳолидан хабар оладилар, ўз хонадонларида ифторлик қилиб, рўзадорларни меҳмон қиладилар. Албатта бу ишлар мақтовга сазовордир. Сабаби ҳадисларнинг бирида: “Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ўша рўзадор эга бўлган савобдан бирон нарса камайтирилмаган ҳолда берилади”, дейилган.

Рамазон иссиқ кунларга тўғри келган маҳалда бир рўзадорнинг савобини қўлга киритиш катта нарса. Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам борки, уни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. У ҳам бўлса ифторлик маросимларидаги исрофгарчилик қилиш, кимўзарга ўйнаш, дабдабага берилиш иллатидир.

Банда ҳадисда айтилган мақомга кўтарилиш, рўзадор эришган савобни қўлга киритиш учун ифторликни дабдаба билан, исрофгарчиликка йўл қўйиб ўтказиши шарт эмас. Ифторлик бир пиёла сув ёки чой, бир коса овқат билан ҳам бўлади. Аммо, афсуски, орамизда ифторлик қилиш билан ўзини халққа кўз-кўз қилувчилар, хўжакўрсинга, риёга ҳаракат қилувчилар кўпайиб бормоқда. Рамазон тақво ойи, Рамазон меҳр-мурувват ва саховат ойидир. Албатта бу саховат ўз ўрнига қилингани маъқул. Меҳрга, эътиборга, моддий таъминотга муҳтожлар бир четда қолиб, қорни тўқлар, бой-бадавлат кишиларни ифторликка чақиришдан не фойда? Устига-устак бундай маросимларда исрофгарлик жуда авжига чиқади. Бу ишга ҳам меҳмонга ҳақдор кишиларнинг таклиф қилинмаслиги сабаб бўлади. Ифторликка келган бадавлат кишилар меҳмоннинг “диди”га, меҳмон кутиш санъатига, бойлиги ва дастурхонга нималар қўйишига қараб унга “баҳо” бериб кетадилар. Бу кейинчалик омма ичида гап-сўз бўлади. Ифторлик қилаётган одам ҳам мана шу жиҳатни ёдда тутиб, нима топса, дастурхонга қўяди. Одамларни рози қилиш, уларнинг кўнглини олиш пайида бўлади. Агар етим-есир ва камбағаллар меҳмонга чақирилса, уларга оддий, камтарона дастурхоннинг ўзи етарли. Улар қорни тўйгани учун бир хурсанд бўлса, бой-бадавлат кишилар уларга меҳр кўрсатгани учун икки баробар хурсанд бўлади. Аллоҳ ҳам мана шу ифторликдан рози бўлади.

Амаллар қабул қилинишида энг муҳим жиҳат ният ва амалнинг шариатга тўғри келишидир. Ифторлик қилаётган одам холис Аллоҳ учун қилмоқдаман, деб ният қилиши керак. Шунда ҳамма нарса ўз ўрнида бўлади, исроф ҳам, кибр ҳам, мақтанчоқлигу ҳар хил кимўзарга ўйнаш ҳам бўлмайди. Агар ифторлик қилишдан мақсад ўз бойлигини, иморатининг чиройли чиққанию қимматбаҳо мебел, гилам ва пардаларини кўрсатиб қўйиш бўлса, бу ифторликдан ҳеч қандай фойда йўқ. Тўғри, биргина “фойдаси” бор: одамлар “фалончи шунақа ифторлик қилди. Энди дастурхонда одамдан бошқа ҳамма нарса бор”, дейишади. Биласизми, бу қачонгача давом этади? Кейинги ифторга боргунча. Эртаси куни бошқа жойда меҳмон бўлгач, кеча борилган хонадон эсдан чиқади. Банда мана шу бир кун эсланиши учун қилганмиди ифторликни?!

Демак, савобли ишни, Аллоҳ розилиги учун қилинадиган амални камтарона, исроф ва дабдабадан сақланган ҳолда ўтказиш, ниятни холис қилиш, одамларнинг маломатию мақтовларини ўйламай, холис Аллоҳ учун қилиш талаб этилади. Агар сиз Аллоҳ йўлида шу ишни қиладиган бўлсангиз, қилган ифторлигингиз қабул бўлгани қалбингиз хотиржамлиги, хонадонингизга файз кирганидан маълум бўлади. Бунда фақат ташқи кўринишга, зоҳирий жиҳатга эмас, ички моҳиятига эътибор бериш керак. Неъматларни исроф қилиб ифторлик қилиш билан гуноҳга ботгандан кўра ҳеч ким билмаса ҳам бир камбағалнинг рўзғорини бутлаб беришингиз минг марта афзал. Ифторлик фақат одамларни чақириш билан бўлмайди. Шундай ифторлик қилингки, уни Аллоҳ билсин. Одамлар сиз ифторликнинг энг зўрини қилганингизни билмай қўя қолсин. Исрофгарчилик билан одамларни рози қиламан, деб дастурхон ёзсангизу аммо мисқолча савобга ҳам эришмасангиз, бу ачинарли ҳолат.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Шайxонтоҳур тумани бош имом-хатиби