Муборак рамазон ойини қандай ўтказяпсиз?

Аллоҳ таоло деди: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни, ҳалол билан ҳаромни ажратувчи) нинг очиқ оятлари бўлиб, Қуръон нозил килинган». (Бақара сураси, 185 ояти)

Азизлар, Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа ойлардан кўп хусусият ва фазилатлар билан устун қилди.

Рўзадорнинг оғзидан келган ҳид Аллоҳ таолонинг ҳузурида мушкдан кўра хушбўйроқдир.

 Фаришталар ифтор қилгунига қадар рўзадор учун истиғфор айтадилар.

Аллоҳ таоло ҳар куни жаннатини безайди ва: «Тез кунда менинг солиҳ бандаларим ўзларидаги қийинчилик ва машаққатларни ташлаб, сенга келадилар» — дейди.

Рамазон ойида шайтонлар занжирбанд қилинади.

Рамазон ойида жаннат эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилади.

Рамазон ойида Қадр кечаси бўлиб, у минг ойда қилинган ибодатдан кўра яхшироқдир. Унинг яхшиликларидан маҳрум бўлган одам, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди.

Рамазон ойининг охирги кунида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади.

Аллоҳ Рамазон ойининг ҳар кечасида жаҳаннамдагилардан баъзиларни озод қилади.

Азизлар, хусусият ва фазилатлари шундай бўлган ойни қандай ўтказмоқдасиз?

Солиҳ банда бу ойни тавба, сидқидиллик ва вақтларни солиҳ амаллар билан зийнатлаб, Аллоҳ таолога чиройли ибодат қилиш билан ўтказади.

Қуйида рамазон ойида қилишимиз керак бўлган баъзи яхши амалларни эслатиб ўтамиз:

1- Рўза тутиш

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одам фарзандининг ҳар бир амали ўзи учундир, ҳар бир яхшилик ўн мислдан етти юз мислга кадар кўпайтириб берилади. Аллоҳ таоло деди: «...Фақатгина рўза, у мен учундир ва унга ўзим мукофот бераман. (Банда) мен учун шаҳвати, таоми ва ичимликларини тарк қилди. Рўзадор учун  икки кувонч бордир: Ифтор қилиш пайтида ва роббисига йўлиққан вақтда.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон рўзасини иймон билан  ва савоб умидида тутган кишининг ўтган гунохлари кечирилади».  (Имом Бухорий ривояти)

2- Кечалари бедорлик.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон кечаларини иймон ва савоб умидида намоз ўқиб бедор ўткизган кишининг гуноҳлари кечирилади»   (Имом Бухорий ривояти).

Кечаларни ибодат билан бедор ўткизиш, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ва сахобаларнинг одатларидан эди. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Кечаларни бедор ўткизишни тарк килманг! Кечаларни (ибодат билан ) бедор ўткизиш  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг одатларидан эди. Агар касал бўлсалар ёки қолсалар ўтириб намоз ўқир эдилар».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кечалари намоз ўқир, кечанинг ярми бўлганида оиласини уйғотар ва уларга : «Намозга туринглар, намозга туринглар!» дер ва ушбу оятни ўқир эди... «Аҳлингизни намозга буюринг, ўзингиз ҳам у (намоз)да чидамли бўлинг. Биз сиздан ризқ сўрамаймиз. Биз сизга ризқ берамиз. Чиройли оқибат (аҳли) такво учундир» (Тоха: 132).

Азизлар, сиз имом билан таровехни охиригача ўқинглар, шунда кечани ибодат билан ўтқизган коимлар каторида ёзиласизлар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Имоми намозини тугатиб қайтиб кетгунига қадар, имом билан бирга қоим бўлган кишига кечаси билан ибодат килганлик ажри ёзилади», деганлар.

 Садақа бериш

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам энг саховатли кишилардан эдилар. Хусусан, рамазон ойи келганда у кишининг саховатлари, эсиб турган шамолдан ҳам саховатлироқ бўлиб колар эди.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Садақаларнинг энг афзали рамазон ойидаги садақадир» — дедилар. (Термизий ривояти).

Азизлар, садақанинг рамазон ойида ўзгача хусусиятлари бор шунинг учун ҳам рамазон ойида имкониятингизга қараб садақа қилишга шошилинг.

Таом едириш. Аллоҳ таоло деди: «Ўзлари суюмли (яъни муҳтож бўлишларига) карамай мискин, етим ва асирларга таом берадилар ва  биз сизларга Аллоҳнинг юзи учун таом берамиз. Сизлардан мукофот ва миннатдорчилик истамаймиз. Бизлар Парвардигоримиз томонидан бўладиган, (дахшатли азобидан юзлар) тиришиб, буришиб қоладиган бир Кундан қўрқамиз – дедилар» (Инсон: 2-7).

Салаф солиҳ таом едиришга ҳарис бўлиб, уни кўплаб ибодатлар устидан афзал кўрар эдилар. Бунда оч одамни тўйдириш ва солиҳ дўстни таомлантириш ўртасида хеч фарқ йўқдир. Чунки, таомлантириладиган одамда камбағаллик шарт эмас. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кайси мўъмин бошқа бир оч мўъминни таомлантирса  Аллоҳ уни жаннат мевалари билан таомлантиради. Ташна мўъминни чанқоғини қондирган кишини Аллоҳ Раҳийқул-махтумдан суғоради» (Термизий ривояти).

Салафлардан кўплари ўзи рўзадор бўла туриб ифторлигини бошқаларга бериб юборар эди. Абдуллох  ибн Умар, Довуд ат- Тоий, Молик ибн Дийнор ва Ахмад ибн Ханбал шулар жумласидандир. Абдуллох ибн Умар етим ва мискинлар билангина ифтор қиларди.  Гоҳида аҳллари мискинларни қайтариб юборганликларини билиб қолсалар, ана шу кечада ифтор қилмас эди. 

Кўплаб салаф олимлари рўзадор бўлишларига қарамай ўз дўстларига таом беришар ва хизмат қилишар эди. Ҳасан Басрий ва Ибн Муборак шулар жумласидандир. Абу Суввор Адавий айтади: Адий кабиласидан бўлган кишилар мана шу масжидда намоз ўқишар ва улардан бирортаси ўзи ёлғиз  ифтор килмас эди. Таомини бирга ейдиган одам топмаса таомини масжидга олиб чиқиб одамлар билан ер эди.

Рўзадорларга ифтор бериш.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўзадорга ифтор берган кишига рўзадорнинг савобининг мислича савоб берилади ва рўзадорнинг савоби ҳеч ҳам  камайтирилмайди» (Насоий ривояти).

Қуръон ўқиш.

Азизлар, сизга салаф солиҳлар ҳаётидан икки муҳим нарсани эслатмокчимиз:

А) Қуръонни кўп ўқиш.

Б) Қуръонни кироат қилиш ёки тинглаш асносида Аллоҳ таолога хушуъ ва тавозе қилиб йиғлаш.

Рамазон ойи Қуръон ойидир. Шунинг учун ҳам мусулмон банда Қуръонни кўп тиловат қилиши керак. Зеро, салаф солиҳлар Қуръони Каримни ўқишга кўп эътибор берар эдилар. Жаброил алайҳис-салом Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Қуръонни дарс қилар эди. Усмон  розияллоҳу анҳу Қуръонни ҳар куни хатм қилар эди. Баъзи салаф олимлари рамазон ойининг уч, баъзилари етти, баъзилари эса ўн кечасида хатм қилар эдилар. Улар Қуръонни намознинг ичида ва намоздан ташқарида ўқишар эди.

Катода доимо етти кунда, рамазонда уч кунда, охирги ўн кунликда эса ҳар куни бир марта хатм қилар эдилар.

Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ рамазон ойида, намоздан ташкари олтмиш марта Қуръонни хатм қилар эдилар.

Имом Зухрий роҳимаҳуллоҳ рамазон кириши билан ҳадис ва илм дарсларини тўхтатар ва Қуръонни Мусхафга қараб ўқишга берилар эди.

Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ деди: «Қуръон Каримни уч кунда давомли суратда хатм қилиш тақиқланган. Бироқ, рамазон ойи каби фазилатли вақтлар, хусусан, қадр туни илинжида кечалари тиловат қилиш, бундан ташқари Макка каби муқаддас ерларга кирган, лекин, маккалик бўлмаган кишиларнинг бу замон ва маконларни ғанимат билиб, Қуръон ўқишлари мустаҳабдир.

 Тиловат пайтида йиғлаш.

Қуръон Каримни тафаккурсиз, шеър ўқилгани каби ўқиш саҳобалар йўлидан эмасдир. Чунки, улар Аллоҳнинг сўзлари билан таъсирланишар ва у билан калбларни титратишар эди. Имом Бухорийнинг саҳиҳ тўпламида Абдуллох ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ушбу ривоят келтирилган. У деди: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам : «Менга Қуръон ўқиб беринг» - дедилар. Сизга нозил килинган бўса-ю, мен сизга ўқиб берайинми? — дедим.  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен бошқалардан эшитишни ёктираман» — дедилар. Мен «Нисо» сурасини ўқиб «Биз барча халқлардан гувоҳни келтириб, сизни уларнинг барчасига гувоҳ қилиб келтирсак кандай бўлади?» оятига келганимда: «бўлди» дедилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга қарадим. Ул зотнинг кўзларидан ёш қуйилар эди».

Абдуллох ибн Умар розияллоҳу анҳу  «Мутаффифийн» сурасини ўқир экан: «Одамлар барча Оламлар роббиси бўлган Аллоҳ қаршисида турган кунда» оятига етиб келганларида йиғлаб йиқилди ва ундан кейинги оятларни ўқий олмади.

 Офтоб чиққунига қадар масжидда ўтириш.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқиганларидан кейин  қуёш чиққунига кадар намозгоҳида ўтирар эдилар». (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жамоат билан намоз ўқиган, кейин, Қуёш чиққунига қадар Аллоҳни зикр килган, кейин эса икки ракаат намоз ўқиган кишига хаж ва умранинг тўла-тўла савоблари берилади» (Термизий ривояти).

Эътикоф.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам рамазон ойида ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Вафот топган йиллари йигирма кун ўтирдилар. Эътикоф – намоз, Қуръон тиловати, зирк ва бошқа ибодатларни ўз ичига олган ибодатдир. Эътикофни тажриба қилиб кўрмаган одамларгина қийин деб ўйлайдилар.

 Рамазон ойида умра қилиш.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон ойидаги умра мен билан бирган хаж клишга баробардир» дедилар.(Имом Бухорий ривояти)

  Қадр кечасини топишга қаттиқ интилиш.

Аллоҳ таоло деди: «Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам), Қадр кечаси нима эканлигини Сиз каердан ҳам билар эдингиз?! Қадр кечаси минг ойдан яхширокдир. (Қадр: 1-3).

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида намоз ўқиб ўтқизган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади»  (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам қадр кечасини топишга тиришар ва сахобаларни ҳам бунга буюрар эдилар. Бундан ташқари Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам аҳл байтларини рамазоннинг охирги ўн кечасида уйғотар эдилар.

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг жомиус-саҳиҳида ушбу ривоят бор: Оиша розияллоҳу анхо: «Эй, Расулуллоҳ мен Қадр кечасига тўғри келсам нима дейман – дедилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Илоҳим, сен афв килувчисан, афвни яхши кўрасан мени афв эт – денг, дедилар».

 Зикр дуо ва истиғфорни кўпайтириш.

Рамазон ойининг кунлари ва кечаларининг фазилатли соатлари бўлиб, сиз уни кўп дуо ва зикрлар билан ғанимат билинг. Хусусан, дуолар ижобат бўладиган ушбу лаҳзаларда:

А) Ифтор қилишни кутиб ўтирилган пайтда.

Б) Кечанинг охирги учдан бири қолганида. Чунки бу пайтда Аллоҳ таоло дунё осмонига тушади ва сўрайдиган борми бераман, истиғфор айтадиган борми унинг гуноҳларини кечираман – дейди.

В) Саҳарларда айтилган истиғфор. Аллоҳ таоло: «Улар саҳарларда истиғфор айтадилар» - деган.

Г) Жума соатларини қасд қилиш. Аниқроғи жума кундузининг охирги соатларида астойдил дуо қилиш.

Сизга энг мухим бўлган ишни эслатмокчимиз. Уни биласизми?!.. У ихлосдир. Ҳа, ихлос..

Рўза тутган қанча-қанча одамлар бўлсада, уларнинг баъзиларининг тутган рўзаларига «мукофот» очлик ва чанкоқлик бўлади, холос.  

Одамлар ичида қанча-қанча кишилар борки, кечаларни ибодатда ўткизган, бироқ, уларнинг мукофотлари бедорлик ва қийналиш бўлади холос. Аллоҳ таоло бизларни ва сизларни бундай бўлиб қолишдан сақласин.

Шунинг учун Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам шу икки нуқта : «Иймон ва савоб умид қилиш» га қаттиқ эътибор бердилар. Холбуки салаф солиҳларимиз ҳам ўз жонига жабр қилиб қўйишдан қўрқиб, амалларини сир сақлашга тиришар эдилар.

Рамазон ойида беҳуда нарсалар билан шуғулланишдан сақланиш

Азизлар, вақтни Аллоҳнинг тоат-ибодатидан бошқа нарсаларда зое қилиш ғафлат ва Аллоҳнинг рахматларию инъомларидан маҳрумликдир. Аллоҳ таоло деди: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлур. Ва биз уни Қиёмат кунида кўр холда тирилтирурмиз.  У: «Эй роббим нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир мен кўрар эдим-ку», дейди. (Аллоҳ) айтади: «Шундай. Сенга бизнинг оят-мўжизаларимиз келганида уларни («кўрмадинг») — унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан». Хаддан ошган ва роббисининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби шак-шубҳасиз, қаттиқрок ва давомлирокдир» (Тоха: 124-127)

Аллоҳ таоло барчамизга ушбу ойни хайрли амаллар билан ўтказишни насиб айласин.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби