Зар қадрини заргар билади

Ислом тарихидан барчамизга маълумки, Зайд ибн Ҳориса дастлаб Пайғамбаримизнинг аммасининг қизи бўлган Зайнаб бинт Жаҳшга уйланган, кейинроқ улар ажрашишган. Сўнгра Аллоҳнинг амри билан Зайнаб онамизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланадилар. Зайд ибн Ҳориса эса Пайғамбар алайҳиссаломга доялик қилган Умму Айманга уйланади.

Ушбу никоҳдан туғилган Усома Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг арзандалари, эркатойлари бўлган. У зот Усомани набиралари Ҳасан ва Ҳусайндан кам кўрмас эдилар. Бу меҳр-муҳаббатнинг нақадар кучли бўлганини қуйидаги мисолдан кўришимиз мумкин.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврларида саҳобаларга, Набий алайҳиссаломнинг завжаи мутоҳҳараларига, у зотнинг набираларига нафақа тайинладилар. Шунда Усома ибн Зайдга ўз ўғиллари Абдуллоҳга тайинлаганларидан кўпроқ миқдор белгиладилар. Абдуллоҳ ибн Умар бунинг сабабини билмоқчи бўлиб, «Отажон, Усоманинг отасидан кўра сизнинг фазлингиз ортиқроқ, Усомадан кўра менинг фазлим ортиқроқ, нима учун менга қараганда унга кўпроқ улуш бердингиз?» деб сўрадилар. Бу саволга ҳазрати Умарнинг берган жавоблари Ислом умматида ҳазрати Зайд ибн Ҳорисанинг фазли нақадар улуғ бўлганини кўрсатади. У зот бунинг сабабини ниҳоятда гўзал таърифлаб, ўғилларига шундай деганлар: «Гапинг тўғри. Эҳтимол, биз фазлда улардан ортиқдирмиз. Лекин Усоманинг отаси сенинг отангдан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга суюклироқ бўлган. Усоманинг ўзи эса сендан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга суюклироқ бўлган. Шунинг учун мен Расулуллоҳ кўпроқ яхши кўрган одамни ўзим кўпроқ яхши кўрган одамдан устун кўрдим».
Аллоҳ таоло ҳазрати Умардан ҳам, Абдуллоҳ ибн Умардан ҳам, Зайд ибн Ҳорисадан ҳам, Усома ибн Зайддан ҳам рози бўлсин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби