Мусибатга сабр қилиш

Аллоҳ таоло ҳазрати Луқмоннинг ўз ўғлига қилган насиҳатлари ҳақида сўзлаганда амри маъруф ва наҳий мункардан сўнг сабрни зикр қилган. Эҳтимол, бу амри маъруф ва наҳий мункар бошқа хулқлардан кўра кўпроқ сабрга муҳтож бўлишига ишорадир. Чунки Аллоҳнинг йўлига чақирган ва Аллоҳга иймон келтирганлар мусибатга йўлиқиш ва имтиҳонларга дуч келишдан қочиб қутула олишмайди.

Аллоҳ шундай марҳамат қилади:

 «Одамлар: «Имон келтирдик», – дейишлари билангина, синалмаган ҳолларида қолдириладилар, деб ўйладиларми?!» (Анкабут, 2).

«Биз (Сиздан олдинги) ҳар бир пайғамбар учун (ҳам) жиноятчи кимсалардан мана шундай душ­ман(лар) қилганмиз. Раббингизнинг Ўзи етарли раҳнамо ва ёрдамчидир!» (Фурқон, 31).

Оятда баёни келганидек, ҳар бир пайғамбар ва Аллоҳ йўлига даъват қилувчининг, албатта, бир душмани бўлади. Амри маъруф ва наҳий мункар қилувчилар инсонларнинг рағбатлари, шаҳват ва табиатлари ҳамда лаззатланиш ҳиссиётлари билан тўқнаш келадилар. Инсонлар бу иллатларга худди куя кийимга ёпишганидек ёпишиб олишган. Лекин Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: «Мен сизларни Жаҳаннам оловидан тўсиб тураман». Инсонларни маъсият ботқоғига ботишдан тўсиб турувчилар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан кейинги уламолар ва амри маъруф ва наҳий мункар қилувчилардир. Чунки инсонлар ўзлари учун зарар бўлган нарсаларга табиатан ўч бўладирлар. Аллоҳ асрасин, агар зино ҳалол қилинса, инсонлар зинога худди пашша ширага ёпишгандек ёпишиб кетган бўлардилар. Маст қилувчи ичимлик ҳалол қилинса ҳам шу гапни айтиш мумкин. Қайси бир фасод амал мубоҳ қилинса, инсонлар шуни бажаришга ўчдирлар. Шу боис Аллоҳ таоло шундай деган: «Ер (юзи)даги кўп кишилар (сўзи)га итоат қиладиган бўлсангиз, Сизни Аллоҳ йўлидан янглиштирадилар. (Улар) фақат гумонга бериладилар ва фақат ёлғончилик қиладилар» (Анъом, 116).

Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам катта синовларга дучор бўлганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ҳам мукаррамроқ ва Аллоҳга миннат қилишга ҳақлироқ инсон борми?! У зот қамалга тушиб қолдилар. Очликдан вазият шу даражага етдики, одамлар дарахт баргларини ея бошладилар. Лекин Расулуллоҳ (с.а.в.) сабр қилдилар.

Уҳуд кунида нима бўлди? Мўминларнинг қал­бини ларзага солган кофирларнинг сафи қанчалик кўп эди?! Лекин ниҳоясида ғолиблик сабрлиларга насб қилди. Сабр ғалабанинг асосидир. Ҳатто Аллоҳ ва Охират кунига ишонмайдиганлар учун ҳам сабр ғалаба келтиради. Мисол учун, машҳур форс саркардаси (у мусулмон бўлмаган)дан сўрашибди: «Сен душман билан яккама-якка жангга чиққанингда, уни қандай қилиб енгасан?» У: «Бундай вазиятларда наф­сим менга: «Қочиб қол! У сени ўлдириб қўяди», деб кўрсатма беради. Мен: «Озроқ сабр қил! Балки у биринчи бўлиб қочиб қолар», дейман ва душманим қочиб кетгунча нафсим билан шу тарза мужодала қиламан», деган экан. Субҳаналлоҳ! Ғалабага шундай эришилади. Агар мусибатга йўлиқсангиз, озроқ сабр қилинг, мусибатнинг ўзи сиздан чекинади. Аллоҳ шундай деган: «Мол-мулкларингиз ва жонларингиз (офати ва мусибати) ила синалурсизлар. Шунингдек, сизлардан олдин Китоб берилганлар ва мушриклардан кўп азиятли (аччиқ) гап­ларни эшитасизлар. Агар сабр қилсаларингиз ва тақволи бўлсаларингиз, албатта, бу ишларнинг пухталигидандир» (Оли Имрон, 186). Яъни, сабр ва тақво пухта ишлардандир. Пухта иш қиладиганлар эса саноқлидир. Лекин улар ҳаётдаги у ёки бу мувозанатни ушлаб турадилар, душманнинг ўқига ўзларини қалқон қиладиган кимсаларга ўхшайдилар. Улар душман қўлида ўлсалар-да бошқаларни огоҳ қилишга улгуришади. Мўминлар ҳар қандай ишнинг бошида сабр қиладилар. Муваффақият ва ғалабадан дарак бўлмаса ҳам, сабр қилишда давом этаверадилар, озор ва синовларга чидайдилар. Буни саҳобийларнинг мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Масалан, Мусъаб ибн Умайр (р.а.) ёшлигидаёқ Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб, ансорларни Исломга чақирди. Ҳаракатлари зое кетмади. Мадинада Ислом кирмаган ва Қуръон ўқилмайдиган хонадон қолмади. Бу саҳобий Уҳуд жангида шаҳид бўлди. Ғалабани кўрмасдан кетди. Лекин унинг ортида қолган Утба ибн Ғазвон, Абдураҳмон ибн Авф каби саҳобийлар ғалабани кўришди, Кисро ва Қайсарнинг устидан қозонилган ғалабаларга ҳам гувоҳ бўлишди. Лекин йўлнинг бошида ҳалок бўлганлар эса ҳеч нарса кўришмади.

Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари сабр-қаноатда инсониятга ибрат бўлишган. Энг суюмли фар­зандидан айрилган Яъқуб алайҳиссалом, туҳмат ва фитна туфайли узоқ вақт зиндонбанд бўлган Юсуф алайҳиссалом, Аллоҳ юборган машаққат, дард-офат­ларига кўнган Айюб алайҳиссалом, золим Фиръавннинг чидаб бўлмас азоб, камситиш, хўрлаш-қийноқ­ларига дош берган Мусо алайҳиссаломларнинг буюк сабрлари инсониятга ибрат ўлароқ тарих саҳифала­рида қолган. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғам­бари Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам, у зотдан олдин ўтган барча элчиларини ҳам ваҳийни етказишда, инсонларни иймонга чақиришда бошларига тушаётган машаққат ва озорларда сабр кўрсатишга буюрган.

Имом Ғаззолий «Иҳёу улумид-дин»да бундай ёзадилар: «Сабр – шаръий ҳукми эътиборига кўра фарз, фазилат, макруҳ ва ҳаромга бўлинади. Ман этилган нарсаларга сабр қилиш, яъни уларни қилмаслик фарздир; яқинлари оламдан ўтганида сабр қилиш фазилатдир; шаръан макруҳ бўлган жиҳат билан етказилган озорга сабр қилиш макруҳдир».

Сабр энг олий фазилатлардан, сабр туфайли зафарга эришилади, унинг меваси ниҳоятда ширин бўлади. Сабрнинг акси сабрсизликдир. Сабр – нафснинг юксак хулқларидан бири. Пайғамбар (алайҳис салом) сабрни уч турга бўлиб, ибодатда чидам, гуноҳдан сақланишда чидам ва мусибат-машаққат­лар­га чидамга буюрганлар. Ҳадиси шарифда: «Сабр иймоннинг ярмидир», дейилган.

Пайғамбар (алайҳиссалом) қачон бошларига қийин иш тушса, намоз ўқишга шошилар эдилар, чун­ки намоз сабрга битмас-туганмас сабр қўшувчи сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. Сабр инсонни оқибат чексиз-ҳисобсиз зафарларга, муваффақиятларга етиштиради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Жоним измида бўлган Зотга қасам, Аллоҳ таоло мўмин банда учун нимани етказса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади – унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади – унга яхши бўлади. Бу фақат мўминлардагина бўлади», деганлар.

Айниқса, мусибат етганида мусулмон киши сабр­ли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг ўзи ўргатган истиржоъ («Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» –
«Албатта, ҳаммамиз Аллоҳникимиз ва, албатта, ҳаммамиз Унга қайтгувчимиз»)
дуосини айтиши, ҳамма нарса Аллоҳ таолоники ва бари Унга қайтади, деган эътиқодни маҳкам тутиш керак. Уламолар: «Мусибатга илк тўқнашгандаги сабр муҳим, чунки вақт ўтгач киши хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам сабр этади. Ақлли киши мусибатнинг бошида чидаган кишидир», дейишган.

Аллоҳ таолонинг савобига эришиш учун сабр-чидам керак, Ҳақ йўлида «чиройли сабр қилиш» керак. Аммо сабр дегани жим-ҳаракатсиз туриш, дегани эмас, Аллоҳ таоло айтганидай чидам билан юриш деганидир. Шундагина Аллоҳ таолонинг ҳақ ваъдасига эришилади. Ҳадиси шарифда: «Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ҳадя берилмаган», дейилади.

Мусулмон киши турмушини яхшилаш йўлида имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб ҳаракат қилаверади, аммо ризқни Аллоҳ таоло беришини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига етган ризқ-насибани Аллоҳ таолодан деб билади. Оз бўлса ҳам бошини тик тутиб кунини кўради, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки мусулмон одам Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқмайди. Ҳақиқий бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигида эканини эсдан чиқармайди.

Сабр ҳар бир мўмин-мусулмон эркак-аёлга лозим сифатдир. Бу чиройли сифатсиз инсон мўмин-мусулмонлик таклифларини, буйруқларини етарлича адо эта олмайди. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишидаги хислатларнинг энг ёмони дунёга ҳарислик, сабрсизлик, ўта бахиллик, қўрқоқлик ва ўзини тия билмасликдир», деганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд ривояти).

Ҳадиси шарифларда келишича, Аллоҳ таоло: «Мўмин бандаларимдан бирортасининг дунё аҳлидан бўлган севимли кишисини олиб қўйсам, сўнгра савоб умидида сабр қилса, уни фақат жаннат билан тақдирлайман», дейди. Яна бошқа ҳадисда: «Сабр жасаддаги бош каби эканини билинглар. Жасаддан бош ажралса, жасад ҳеч нарсага ярамайди, шунингдек, ишлардан сабр кетса, бузилади», дейилади. Уламолар айтишларича, уч нарса – садақани, оғриқни ва мусибатни яшириш яхшилик хазинасидир.

Чунки Аллоҳ таоло сабрлиларни яхши кўради. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳа­мат қилади: «Эй бандаларим, Мен бандалар ичидан бир мўмин кишини (бирон мусибат етказиб) имтиҳон қилсам, у Менга ҳамд айтиб синовимга сабр қилса, у ўша жойидан турганида онаси туққан кундагидек хато-гуноҳларидан пок бўлиб туради».

Ҳақиқатан, инсонга бирор хасталик келиши билан дарров «оҳ-вой»га тушади, тузалгунча сабр қилолмай ўзини ҳар томонга уради. Бирор ишга киришса, тезроқ ҳал бўлишини истайди. Бошқалар манфаатини ҳатлаб бўлса ҳам ўзининг иши тезроқ битишини хоҳлайди. Кун сал исиб кетса ҳам, совиб кетса ҳам, қорни очиб кетса ҳам, тўйиб кетса ҳам бесабрлик ва бетоқатлик қилаверади. Ҳақиқатан Аллоҳ раҳматидан ноумид кимсалар бошларига сал мусибат ё синов келса, бесабрлик қилишади. Фиғон чекиб, қисматларидан нолишга тушишади. Бундай ҳолатларга сабр-бардошни қарши қўйиш керак. Шунинг учун Ислом мўмин-мусулмонларни ҳамиша сабрли бўлиш, Аллоҳ тақдир қилган ҳамма нарсага кўнишга чақиради. Зеро, сабр мўминларнинг энг мақталган фазилатларидандир.

Сабр ҳар бир мўмин-мусулмон эркак-аёлга лозим сифатдир. Бу чиройли хислатсиз инсон мўмин-мусулмонлик таклифларини, буйруқларини етарлича адо эта олмайди. Имом Мусоҳибий: «Неъматлар бир меҳмондир, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмондир, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади», деган. Сабр иймоннинг бошидир. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, инсон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир. Абдулқодир Жийлоний айтган: «Эй ўғлим, мусибат – бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади».

Бирор инсон ғам-кулфатлардан, бало ва мусибатлардан ҳимояланган эмас. Кимнингдир уйи, мол-мулки арзимас бир сабаб билан ёнғинга учраб ёниб кетиши мумкин. Ёки кимдир энг суюмли фарзандидан ёки яқинларидан жудо бўлиб қолиши мумкин. Баъзиларга Худо тузалмас бир дардни бериб қўйган. Кимдир узоқ йиллар эгаллаган мансабидан кетиши мумкин. Бошқаси хотини (ёки эри) билан ажрашишган. Ўқишга кираман деб имтиҳондан йиқилган, дўсти бевафолик қилган, пулини ўғирлатган, деҳқон­чилиги офатга учраган, тижорати синган, машинасини уриб олган одамлар ҳам атрофимизда истаганча топилади. Мўминликнинг шарти – ана шундай бало ва мусибатларга сабр қилиш, Аллоҳдан яхшилик ва ёруғликни тилаб дуолар қилиш, ҳамиша Унга тақвода бўлишдир.

Ҳақиқатан бўлар-бўлмас ишларга диққат бўла­вериш, ўтган кундаги битмаган юмушларига, хато­ларига, эриша олмаган мақсадларига афсус чекавериш инсоннинг миясини доимо кемирадиган, ҳаётини оғирлаштирадиган, кунини зулмат, сиҳат-саломат­лигини йўқотадиган, тунини ғурбат қиладиган бефойда ва зарарли ҳолатлардир. Бошингизга бир мусибат ёки бало келса, унга мардона дош беринг, сабр қилинг. Аллоҳдан уни кўтариб ташлашни, нажот беришини сўранг. «Бу кун ҳам ўтиб кетади» нақлига амал қилиб, ўзингизга тасалли беринг. Бу кун ҳам, эрта ҳам барибир ўтади, «қора» кунлар ортидан албатта ёруғи келади, мусибат-балолар унут бўлади.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Шайҳонтоҳур туман бош имом-хатиби