Нафақада иқтисод  ва ҳалол касб қилишнинг фазилати

   Роббимиздан берилган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, яшашимиз учун сабаб бўлувчи молу давлатимиз ҳам омонатдир. Шунинг учун уни қаердан, қайси йўл билан топиб, қаерга сарфлаганимизга эътибор беришимиз керак.  Агар уни ҳалол йўл билан топмасак ва топилган молни ноўрин исроф қилсак, Роббимиз ҳузурида албатта сўраламиз. Динимиз бизларни аввало ҳалол касб билан пул топишга, уларни Аллоҳ розилиги учун ўз ўрнига исроф қилмасдан ишлатишга буюради.

وَآتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلَا تُبَذِّرْ تَبْذِيرًا

Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг  ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Исро сураси 26 – оят.

وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا

Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар,(тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир. Фурқон сураси 67 – оят.

Бу борада,

 Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким истихора қилса, муваффаққиятсизликка учрамайди, ким маслаҳат қилса надомат қилмайди, ким иқтисод қилса, камбағал бўлмайди ”.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: "Нафақадаги иқтисод тирикчиликни ярми, инсонларга меҳрибончилик қилиш, ақлнинг ярми ва чиройли савол бериш илмнинг ярми".

Бошқа ҳадисда: "Ким иқтисод қилса камбағал бўлмайди", дедилар. 

Ҳакимлардан бири  дедилар: “Агар савдогарда  уч хислат бўлмаса, икки дунёда камбағал бўлиб қолади:

а) Тили уч нарсадан - ёлғондан, ортиқча сўздан ва қасам ичишдан сақланмаса,

б) Қалби уч нарсадан -  кўз бўямачиликдан, хиёнат қилишдан ва хасаддан пок бўлмаса,

в) Ўзида уч нарсани – жума ва жамоат намозларини, илм учун вақт ажратиши ва Аллоҳ таоло розилигини ҳар нарсадан устун қўймаса”

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) дедилар: “Савдогар дин илмида фақиҳ бўлмаса, рибога ботибди, рибога ботибди, рибога ботибди”

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) дедилар: “Ҳар бир банда қиёмат куни Аллоҳ таолога рўбарў қилинади ва қадами узилмасдан тўрт нарса – жасадини нимага урунтиргани, умрини нима билан ўтказгани, илмига қандай амал қилгани ва мол дунёсини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ҳақида сўралади”. Термизий ривояти.

Ҳакимлардан бирлари дедилар: “Мунофиқ киши дунёни ҳирс билан олади, шубҳа қилиб, закотни ман этади. Риё билан садақа беради. Узоқни кўзловчи мўмин дунёни қўрқинч билан олади.  Шукр қилиб сақлайди. Аллоҳ таоло учун холис сарфлайди”.

Ибн Шубрима дейдилар: “Ажабо! шундай кишилар борки, касалликдан қўрқиб ҳалолдан тийиладилар. Нима учун дўзахдан қўрқиб ҳаромдан сақланмайдилар. ”

Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Эй одамлар! Ҳеч бирингиз ризқингизни мукаммал олмагунингизча ўлмайсиз. Ризқда шошилманглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Уни чиройли талаб қилинглар. Сизларга нима ҳалол қилинган бўлса, уни олинглар ва Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ташланглар”.

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Агар банда ҳалолдан касб қилиб, ундан садақа ва инфоқ қилса, ажр ва баракотга эришади. Аммо ҳаромдан мол топиб, садақа ва инфоқ қилса, ёки уни ортидагиларга қолдирса, унга фақатгина дўзах олови зиёда бўлади. Албатта Аллоҳ таоло ёмонликни ёмонлик билан эмас, балки яхшилик билан ўчиради”

Абу Лайс Самарқандий (роҳматуллоҳи алайҳи) айтадилар: “Ким касбини яхши қилишни истаса, бешта нарсани ўзида сақласин:

-Касби туфайли Аллоҳнинг фарзини орқага сурмаслик ва камайтирмаслик;

-Касби туфайли Аллоҳнинг биронта махлуқига озор бермаслик;

-Касби билан оиласининг иффатини сақлашни ният қилиш ва уни мол-дунё жам қилишга, кўпайтиришга восита этмаслик;

-Нафсини касби сабабидан жуда қийнаб юбормаслик;

- Ризқини касбидан эмас, балки Аллоҳдан билиб, касбини эса сабаб кўриш”.

 

 

Авазбек домла МЎМИНОВ

Андижон шахар

“Чинор” жоме масжиди имом-хатиби