Ер юзидаги барча масжидлар Аллоҳнинг уйидир. Аммо ер юзида энг аввал бино қилинган масжид – Масжидул Ҳаромдир. 

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай дейди: 

«Одамлар учун қўйилган биринчи уй – Баккадаги муборак ва оламларга ҳидоят қилинган уйдир».

Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун қурилган биринчи уй – Маккаи Мукаррамадаги муборак уй, бутун оламлар учун ҳидоят маёғи бўлган Каъбаи Муаззамадир. Шу боис Масжидул Ҳаром қиёматга қадар қурилажак барча масжидларнинг энг шарафлиси бўлиб қолаверади. 

Аллоҳ таоло Нур сурасида масжидлар ҳақида оят келтириб, уларни обод қиладиган бандаларни шундай мадҳ қилади: «У чироқ Аллоҳ бино қилинишига ва Ўз исми зикр қилинишига изн берган уйлардадир. Бу уйларда У Зотга эртаю кеч тасбеҳ айтадиган шундай кишилар борки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмайди. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган Кундан қўрқарлар».

Барча муфассирлар ушбу ояти каримадаги «уйлар» деган сўзни жомеъ ва жомеъ бўлмаган барча масжидлар деб тафсир қилганлар. 

Масжид қуриб, уни обод қилиш, таъмирлаш, жиҳозлаб, намозхонлар учун қулай ҳолга келтириш энг афзал ва энг эзгу ишлардан бўлиб, бунинг учун Аллоҳ таоло улуғ ажру савоблар ато этади. Бу солиҳ амалнинг ажру савоби инсоннинг вафотидан кейин ҳам унга етиб туради, шунинг учун у жорий садақалардан бири ҳисобланади.

 

 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби