Тошкент шаҳридаги «Абу Сахий» бозорининг ёнгинасида Рамазон ойининг илк жумасида 3 минг ўринли йирик жоме масжиди очилди. Kun.uz ушбу масжиддан фотогалерея тақдим қилади.

 

Жорий йил 8 апрель куни, Жума намози вақтида бўлиб ўтган «Абу Сахий» масжидининг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ва бошқа расмийлар қатнашди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор Юнусов ўз вазифасидан ажралмаган ҳолда «Абу Сахий» жоме масжиди имом-хатиби этиб тайинланди.

Абдуқаҳҳор домла Юнусов, «Абу Сахий» жоме масжиди имом-хатиби

Масжид ичи жуда кенг бўлиб, икки қават ва ер остки қисмдан (подвал) иборат.

35 метрли йирик гумбазни 8 та устунлар ушлаб туради. Масжид расмийларининг айтишича, 8 та устунлар жаннатнинг 8 дарвозаси рамзи сифатида қурилган.

Масжид ва гумбазнинг марказида 8,5 метр узунлик ва 8,5 метр кенгликдаги, оғирлиги 5 тонна бўлган ҳашаматли қандил илинган.

Масжидни ташқи тарафдан 2 та 63 метрли миноралар безаб турибди. «Миноралар узунлиги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёшларига мослаб 63 метрдан қилинган. Бу ерда ҳар бир деталга маъно беришга ҳаракат қилганмиз», - дейди масъуллар.

Таҳоратхона ва масжиднинг пастки қаватлари ҳам гўзал дид билан безатилган.

Шунингдек, масжиднинг пастки қисмида аёллар учун ҳам алоҳида намозхона ва таҳоратхона ишга туширилган.

Масжид қурилишида қатнашган масъуллар. Чапдан: бош инженер Камолиддин Абдусаматов, техник кўрик бўйича бош мутахассис Мавлон Яқинжонов,
қурилиш ҳудуди бошлиғи Олимжон Заетов, бош координатор Одилжон Эрниёзов.

Масжиднинг ташқарисида ҳам ички ҳовлисида ҳам чиройли фавворалар қурилган.

Масжиднинг тунги кўриниши

Масъуллар шунингдек, масжид қурилишида ишлатилган асосий материаллар ва гиламлар асосан Туркиядан олиб келинганини маълум қилди.

Manba: kun.uz

Фаррух Абсаттаров, Kun.uz мухбири
Расмлар муаллифи: Муҳаммаджон Ғаниев