Лангар масжидининг қурилиш даври ҳақида турли фикрлар мавжуд. Бу ҳақда масжид меҳробининг ичида ҳам ёзувлар сақланган. Янги масжид меҳробидаги ёзувларни ўқиган рус шарқшунос-саёҳатчи олими Михаил Евгеньевич Массон (1897-1986 йй.) уни 1516 йилда Лангар ота – Шайх Муҳаммад Содиқ ал-Ишқий ал-Лангарий (вафоти 1545й.) яшаган даврда қуриб битказилган фикрга келган.

Аммо шу масжид кейинги даврларда ҳам қайта таъмирлангани маълум. Шундай таъмирлаш ишлари 1748 йили ва 1807 йиллари амалга оширилгани бу ерда сақланган ёзувлардан аён бўлади. Албатта, мустақиллик даврида ҳам бу ерда катта таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, аждодларимиздан мерос қолган, не-не улуғларимиз бошларини саждага қўйган табаррук масжидни келгуси авлодларга етказиш борасида амалий юмушлар қилинди.

Ўзбекистоннинг узоқ тоғ қишлоқларидан бири Лангарда XV-XVI асрларда барпо қилинган ушбу масжид ўз меъморий ечимлари, усуллари, безаклари, нақшлари ва ёзувлари билан Ўрта Осиё меъморчилиги санъатида алоҳида қиммат ва аҳамиятга эгадир. Бу ерда яшаган кексаларнинг олимларга ҳикоя қилишларича, масжиднинг қурилишида Қашқадарё воҳасида яшаётган кўпгина улуғларнинг вакиллари ўз ҳиссаларини қўшганлар.

Масжиднинг кичик, яъни ғарбий томондаги хонаси қадимий бўлиб, унинг деворлари дастлаб хом ғиштлардан терилган, ичига эса тўртта бақувват устун ўрнатилган. Кейинги таъмирлаш пайтида хом ғиштларнинг юзасига пишиқ ғиштлар терилган. Сўнг ғиштларнинг устига ганч сувоқ билан суволиб ҳар хил нақшлар ишланган. Масжиднинг шифти ясси бўлиб, у вассалар билан ёпилган.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, масжиднинг меҳроб қисми алоҳида нозик дид ва катта маҳорат билан безатилган. Меҳроб атрофи сулс усулида ёзилган арабча имло билан тўлдирилган бўлиб, мовий фонга оқ рангли ёзувлар битилган ранг-баранг кошинлардан яратилган ажойиб мозаика кишининг диққатини ўзига жалб этади. Одатда бундай ҳашаматли безатилган меҳробни йирик шаҳарларда барпо қилинган масжидлардагина кўриш мумкин. Масжиднинг ички деворлари ҳам нафис ва бетакрор безакларга бой.

Айвондан масжидга кирадиган жойга нақшинкор, икки табақали эшик ўрнатилган бўлиб, бу эшик ёғоч ўймакорлик санъатининг нодир нусхаси сифатида ғоятда қадрли.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, меҳробнинг ичига ва атрофига араб имлосида ёзувлар битилган. Меҳробнинг тепа қисмида тавҳид калимаси:

“لآ اِلَهَ اِلّا اللّهُ مُحَمَّدٌ رَسُوُل اللّهِ”, ўнг томонида эса Марям сураси 11-ояти:

“فَخَرَجَ عَلَىٰ قَوْمِهِ مِنَ الْمِحْرَابِ” ва чап томонида шу оятнинг давоми:

“فَأَوْحَىٰ إِلَيْهِمْ أَنْ سَبِّحُوا بُكْرَةً وَعَشِيًّا” ва бошқа ёзувлар сақланган.

 Масжид деворларининг юқорисида ҳам маҳорат билан ёзилган эпиграфик нақшлар бор. Масжид деворларида ғоятда безатилган юлдузсимон нақшлар мавжуд бўлиб, уларга олтин суви югуртирилган. Юлдузларнинг ичида бир пайтлар қимматбаҳо тошлар бўлгани, кейин бу тошлар ўпирилганини қишлоқ оқсоқоллари айтиб юришади. Бу юлдузсимон нақшларнинг устида масжид деворининг шифтида 30х25 см 30х30 см ва 60х30 см ҳажмда турли эмблемалар бор. Улар ҳақида ҳам турли хил фикрлар мавжуд. Шу сабаб бунга алоҳида эътибор қаратилиши ва тадқиқ қилиниши лозим деб ўйлаймиз.

Юқорида Лангар масжиди икки даврда қурилган, ғарбий томондаги кичик масжид анча қадимий экани айтиб ўтилди. Буни масжиднинг қурилишида қўлланган усуллар ҳам, қурилиш ашёлари ҳам кўрсатиб турибди. Шу сабабл дастлабки масжид XV асрда, яъни шайх Абул Ҳасан ҳаётлиги пайтида барпо қилинган, кейинчалик намозхон кўпайгач эса янги масжид XVI асрнинг бошларида шайх Муҳаммад Содиқ ал-Ишқий ал-Лангарий даврида барпо қилиниб, умумий айвон ёрдамида яхлит ҳолатга келтирилган дейишга ҳақлимиз.

Масжидда бугунги кунда ҳам Лангарда яшайдиган аҳоли ва бу табаррук масканга зиёратга келган меҳмонлар ибодат ва зиёрат қилишади. Ҳисор тоғ тизмасининг бағрида жойлашган Лангар қишлоғи қадим-қадимларданоқ тоза ҳавоси, ажойиб табиати ва манзараси билан одамларни ўзига жалб этиб келган.

Manba: Muslim.uz ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими