Ўзбекистонда ҳай-тек услубида биринчи масжид қурилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Тошкент шаҳри, Чилонзор туманидаги Ҳасанхон қори жоме масжиди қайта барпо этилди.

Қайд қилинишича, бу Ўзбекистондаги ҳай-тек услубида қурилган биринчи масжид ҳисобланади.

Масжиднинг аввалги биноси эскилиги, торлиги, кириб-чиқишдаги ноқулайликлар ва мослаштирилган бинода жойлашгани намозхонларга қийинчиликлар туғдираётган эди. Замонавий кўринишда қайта қад ростлаган муҳташам масжидда эса барча шароит ва қулайликлар яратилган. Масканнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, диний уламолар, имом-домлалар, намозхонлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Таъкидланишича, ушбу масжид илк бор ноанъанавий, яъни, ҳай-тек услубида қурилган. У бир вақтнинг ўзида 4 минг нафар намозхонни ўз бағрига сиғдира олади. Масжид қурилишига 2021 йилда тамал тоши қўйилган бўлиб, саховатпеша ҳомийлар ҳамда кўнгилли кишилар кўмагида ҳашар йўли билан битказилган. Масжидга Нажмиддин Ҳасанов имом этиб тайинланган. 

Manba: kun.uz

Фото: ЎзА